Париж суди Франция ҳукуматини иқлим ўзгаришига бефарқлик масаласида айбдор деб топди

Узоқ давом этган саъй-ҳаракатлардан сўнг Франциядаги тўртта нодавлат ташкилот ва Affaire du Siècle (Аср масаласи) петициясини қўллаб-қувватлаган икки миллиондан ортиқ фуқаролар иқлим ўзгариши бўйича судда Франция ҳукумати устидан ғалабага эришди. Париж маъмурий суди табиатни муҳофаза қилиш ташкилотлари тарафини олди ва ҳокимиятни ваъдаларни бажармаганлиги учун жавобгар деб топди. Суд давлатни иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича мажбуриятларни бажармаганлиги сабабли етказилган маънавий зарар учун даъвогарларга рамзий равишда 1 евро тўлашни буюрди. Экологик зарар учун давлат ҳукуматининг жавобгар деб тан олиниши Франция қонунларида кўрилмаган ҳодиса ҳисобланади. Ушбу ҳолат маъмурий суд мансабдор шахс атроф-муҳитга етказилган зарар учун жавобгарликка тортилиши мумкинлигини кўрсатмоқда, дейилади хабарда. «Бу кун тарихда қолади», — деди Сесилия Ринодо «Бизнинг умумий ишимиз» (Notre Affaire à Tous) уюшмаси номидан. — ТАСС.

AҚШ БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига қайтмоқчи

AҚШ президенти маъмурияти БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши билан ўзаро муносабатларни тиклашга тайёрланмоқда. «Яқин келажакда АҚШ Кенгаш билан кузатувчи сифатида ҳамкорликни қайта тиклайди», дейилади хабарда. Таъкидланишича, тегишли буйруқ AҚШ президенти Жо Байден томонидан берилган. АҚШ давлат котибининг сўзларига кўра, мамлакат «ушбу лавозимда Кенгашда хизмат қилиш, музокараларда қатнашиш ва бошқа мамлакатлар билан қарорлар тақдим этиш учун ҳамкорлик қилиш имкониятига эга бўлади». «Биз Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш ўзининг кун тартибини, таркиби ва диққат марказини ислоҳ қилиши керак бўлган нуқсонли орган эканлигини тан оламиз», — деди AҚШ давлат котиби Энтони Блинкен. Мамлакат 2018 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашидан чиқишини эълон қилган эди. Ўшанда Дональд Трамп маъмурияти Кенгаш Исроилга ҳаддан ташқари эътибор қаратаётгани таъкидланган эди. Бундан ташқари, Вашингтон бир қатор мамлакатлар, жумладан, Хитой, Куба ва Венесуэланинг Кенгашга аъзо бўлишига қарши чиқди. — Associated Press (AP).

Британияда 200 нафар олим Хитойга махфий маълумотларни берганликда айбланмоқда

Буюк Британия хавфсизлик кучлари Хитойга қурол-яроғлар ҳақидаги махфий маълумотларни тақдим этганликда гумон қилинаётган мамлакатнинг 200 га яқин олимларини тергов қилмоқда. Нашрнинг ёзишича, улар стратегик жиҳатдан муҳим соҳаларда «душман» давлатларга интеллектуал мулкнинг ўтказилишининг олдини олишга қаратилган қатъий экспорт чекловларини бузганликда гумон қилинмоқда. Тергов қилинаётган кўплаб олимлар Хитой компаниялари билан тижорат шартномалари тузиш орқали қонундан бехабар ҳолда бузганликда шубҳа қилинмоқда. «Яқин келажакда биз судларда ўнлаб олимларни кўришимиз мумкин», деди манба The Times нашрига. Экспортни назорат қилиш тўғрисидаги фармонни (2008) бузганликда айбдор бўлганлар ўн йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. — The Times.

Дамашқ Aнқаранинг Ҳалаб яқинида турк университетининг филиалини очиш қарорини ноқонуний деб атади

Сурия Ташқи ишлар ва эмигрантлар вазирлиги Туркия ҳукуматининг икки давлат чегарасида жойлашган Ҳалабда тиббиёт коллежи ва Истанбул тиббиёт фанлари университети қошидаги институтни очиш тўғрисидаги қарорини «халқаро ҳуқуқнинг» бузилиши деб ҳисоблайди. Вазирлик вакили таъкидлаганидек, мамлакат «Туркия ҳукуматининг Ҳалаб шимолида жойлашган Aр-Рай шаҳридаги Истанбул университети қошидаги коллеж ва институт очиш тўғрисидаги қарорини бутунлай рад этади». Баёнотда айтилишича, Aнқаранинг ҳаракати «Суриядаги инқирозни қўзғатишга, террористик гуруҳларни қўллаб-қувватлашга ва империяга хос амбицияларига хизмат қилишга қаратилган Туркия ҳукуматининг сиёсатини давом эттиришдан бошқа нарса эмасдир». — ТАСС.

Туркманистон президенти театрларда «халқнинг бахтли ҳаёти тўғрисида» спектакллар йўқлигидан норозилик билдирди

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов мамлакат маданият вазири Aтагелди Шамирадовга сўнгги огоҳлантириш билан ҳайфсан эълон қилиб, камчиликларни иложи борича тезроқ тузатишни талаб қилди. 7 февраль куни маданият ва оммавий ахборот воситаларида ишлашга бағишланган ишчи йиғилишда Бердимуҳамедов «халқнинг бугунги ютуқлари ва бахтли ҳаётини мадҳ этувчи янги спектакллар маданият марказлари ва театрларида намойиш этилмаётганини таъкидлади. Президентнинг гапларига кўра, бу «театр йўналиши ва яратилган асарларнинг бадиий савиясининг пастлиги натижасидир». Бердимуҳаммедов 2021 йилда нишонланадиган Туркманистон мустақиллигининг 30 йиллигини «муносиб ёритиб бериш» бўйича ҳам топшириқ берди. — Нейтральный Туркменистан.