4 февраль куни Бухоро шаҳрида портлаган уй ноқонуний қурилган ва огоҳлантиришлар инобатга олинмаган, дея маълум қилди Қурилиш вазирлиги.

Вазирлик томонидан ўрганиш ишлари олиб борилганда, «WHITE GROUP TRADING» МЧЖ (раҳбари К.М.) томонидан ўзбошимчалик билан мазкур кўп қаватли бинонинг қурилиш ишлари бошлангани аниқланди.

Бухоро шаҳар ҳокимининг 2019 йил 7 июлдаги 2894-сонли қарори билан Бухоро шаҳрининг И.Каримов кўчаси 7-уй манзилида жойлашган 12 та хонадон ва 9-уйда жойлашган 12 та хонадон, шу билан бирга ҳудуддаги савдо дўконлари эгалари билан тузилган келишув битимлари инобатга олиниб, 1220 кв.метрда жойлашган ер участкасида «WHITE GROUP TRADING» МЧЖ га 1- ва 2-қаватлари савдо ҳамда маиший хизмат кўрсатиш ва юқори қаватларида кўп хонадонли турар-жой биноси қурилишига рухсат берилган.

Ушбу қарорга кўра, вилоят Қурилиш бош бошқармаси томонидан 2020 йил 26 июлда 1578-сонли архитектура-режалаштириш топшириғи тайёрланиб, лойиҳа ташкилоти «Аркада Архстрой Сервис» ХК томонидан 1-қавати савдо ва маиший хизмат кўрсатиш 7−8 қаватли турар жой биносига лойиҳа ечимлари ишлаб чиқилган.


Лойиҳа вилоят шаҳарсозлик кенгашида тасдиқланмаган ва ижобий экспертиза хулосаси олинмаган. Шунингдек, Бухоро вилояти Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясидан қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун рўйхатдан ўтмасдан қурилиш-монтаж ишлари олиб борилган. Шаҳарсозлик ҳужжатларини тўлиқ расмийлаштирмасдан қурилиш ишларини олиб бораётганлиги учун инспекция ходимлари томонидан «WHITE GROUP TRADING» МЧЖ раҳбарига огоҳлантириш ҳам берилган.

Маълум қилинишига кўра, вилоят ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда прокуратура органларига бир неча бор ноқонуний қурилиш олиб бораётган «WHITE GROUP TRADING» МЧЖ га нисбатан чора кўриш учун хатлар чиқарилган.

Шу билан бирга, тасдиқланган консепция лойиҳасини бузиб, ўзбошимчалик билан қаватлар сонини оширганлиги сабабли ноқонуний қурилаётган қурилмани бартараф қилиш учун Бухоро туманлараро иқтисодий судига даво аризалари киритилган.

Суд томонидан эса ишнинг ноқонуний қурилмани бартараф қилиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қабул қилинган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ҳудудларда рухсатнома ва шаҳарсозлик ҳужжатларисиз қурилаётган объектларда буюртмачининг техник, лойиҳачининг муаллифлик ва пудратчининг ички назорат тизими тўғри йўлга қўйилмаганини кўрсатмоқда, дейилади вазирлик баённомасида.

4 февраль куни Бухоро шаҳридаги қурилаётган уйнинг портлаши натижасида 12 киши жароҳатланди. 6 нафар фуқарога уйга жавоб берилган. Шифохонада қолаётган 5 кишининг эса аҳволи қониқарли ва бир беморнинг ҳолати эса нисбатан оғирлигича қолмоқда.

Ушбу ҳолат юзасидан ЖКнинг 259-моддаси 2-қисми «б» банди (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг шу қоидалар бажарилиши учун масъул бўлган шахс томонидан бузилиши оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, январь ойининг бошида Жиззахда ноқонуний қурилаётган бино қулаган эди. Қурилиш вазири Ботир Зокиров «Тўғридан-тўғри коррупцион схема», — дея таъкидлаган.