Халқ депутатлари Ёзёвон туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Дилшоджон Жалилов туман ҳокими этиб тайинланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Дилшоджон Жалилов

У «Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти бош директори лавозимида фаолият юритиб келган.

5 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтган халқ депутатлари Фарғона вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Ёзёвон туман ҳокими Йўлчибой Боййигитов йўл қўйган камчиликлари учун лавозимидан озод қилинган эди.

Шу билан бирга, халқ депутатлари Ўзбекистон туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Шерзод Йўлдошев Ўзбекистон тумани ҳокими лавозимига тайинланди.

Шерзод Йўлдошев

У бундан аввал, Фарғона шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келган.

Бундан ташқари, Бағдод тумани ҳокими вазифасида фаолият олиб борган Алибек Турсунов бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Унинг ўрнига Фарғона вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Восилжон Назаров туман ҳокими лавозимига тайинланди.

Восилжон Назаров