6 февраль куни «Bukhara News» интернет-нашри ходимлари Бухоро марказий бозори маъмурияти уларнинг ишларига тўсқинлик қилгани ҳақидахабар берди.

Маълум қилинишича, «Bukhara News» интернет нашри томонидан бозор ҳудудида ижтимоий сўровнома ўтказилаётган пайтда, бозор вакиллари журналист ҳамда тасвирчига нисбатан қўпол муносабатда бўлган. Бундан ташқари, журналистнинг микрофони ва телефонини олиб қўйиб, унинг фаолиятига қаршилик кўрсатган.

Хабар эълон қилингандан сўнг, 6 январь куни содир бўлган воқеага Ўзбекистон президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги муносабат билдирди.

«АОКА ўз ваколати доирасида ушбу вазиятни ўрганиб чиқиб, томонларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши юзасидан Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлигига мурожаат қилди», — дейилади агентлик хабарида.

Бозор маъмурияти ҳам воқеа ўрганилаётганлигини ва натижалари тўғрисида хабар берилишини маълум қилди.