Ҳозир президент Шавкат Мирзиёев раислигида Халқ депутатлари Фарғона вилояти кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

«Газета.uz» муҳбирининг хабар беришича, президент вилоятдаги ижро ҳокимияти вакиллари ва депутатларнинг фаолиятига тўхталган.

«Фарғона вилоятидаги туман ҳокимларининг айримлари аравани тортмаяпти, улар хизмат вазифасига сидқидилдан ёндашмаяпти», — деди давлат раҳбари.

«Президент вакилиман, деган ҳар бир амалдор халқ манфаати, аҳоли муаммоларига елкадош бўлиши зарур. Энг катта ташвишим — қуйи бўғиндаги ҳокимлар, сектор раҳбарлари, ташкилот амалдорлари масъулият билан ишламаяпти, масъулиятни ҳис қилмаяпти. „Бизга бўлаверади, муаммони туман, вилоят ҳокими ҳал қилади“, деган фикрда кун ўтказишмоқда. Улар бирлашиб, муаммоларни сифат жиҳатдан ҳал қилишмайди», — дея таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.

Депутатлар фаолиятига ҳам эътибор қаратган президент, уларнинг ижро ҳокимиятидан етарлича талаб қилмаслигини айтиб ўтди.

«Ҳар бир депутат „Депутат деган мақомга муносибманми?“, деган адолатли саволни ўзига бериши керак. Бир йилда нечта савол бердим? Афсуски, у саволларга ижобий жавоб йўқ. Мудраб ўтирадиган вақт ўтди. Депутатлар талаб қилмаяпсизлар. Депутат дегани — халқ овози, халқ дарди, дегани. Ижро ҳокимиятидан фарғонача эмас, сал аччиқроқ талаб қилишларингиз зарур», — деди президент.