Президентнинг 3 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2021 йилги давлат дастурида халқаро форумни иккинчи бор ўтказиш акс этган, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Дастурда ўтган йили коронавирус сабаб қолдирилган «Tashkent Law Spring» иккинчи халқаро юридик форумини 1 апрель куни ўтказиш белгиланган. Адлия вазирлиги масъул ходимининг айтишича, форумда халқаро мутахассисларнинг иштирокини тасдиқлаш учун вақт талаб этилиши муносабати билан муддат ўзгариши ҳам мумкин.

Бу йилги форум видеоанжуман шаклида ўтказилади. Унда юридик техникум ва олий юридик таълим муассасалари талабалари онлайн тарзда қатнашади. ОАВ вакиллари учун эса максимал имконият яратилади.

Эслатиб ўтамиз, илк бор форум 2019 йилнинг 25−27 апрель кунлари «Ҳуқуқ жадал модернизация даврида» мавзусида ўтказилган эди. 1200 дан ортиқ ҳуқуқшунослар, жумладан, дунёнинг 40 дан зиёд мамлакатидан 250 нафар чет эллик иштирокчи қатнашган эди.