14 нафар фуқарони чет давлатларга ишга юбориб, уларни турли қийинчиликларга дучор қилган шахслар аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар бермоқда.

Тошкентда фуқаро М.А. ва С.С. олдиндан тил бириктириб, Қ.М. ва бошқаларни Европа давлатларига ойига 2000−3000 АҚШ доллари тўланадиган ишга юбормоқчи бўлган.

Фуқароларга ишчи визаларини олиб бериш эвазига жами 5 500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликлари аниқланди.

Бундан ташқари, С.С. ва бошқалар жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2019 йилнинг ноябрь ойида 14 нафар фуқарони Украинанинг Киев шаҳрида ойига 500 АҚШ доллари ойлик тўланадиган қурилиш ишларида ишлаб, кейин Европа давлатларига ишга ўтказиб беришга кўндирган.

Киевга етиб бориши учун 2019 йилнинг 29 ноябрида авиачипта олишган ва Киевдаги қурилиш фирмасида уларнинг паспортини олиб қўйган. 75 кун давомида моддий жиҳатдан ўзига қарам қилган ҳолда оғир меҳнат шароитларида ишлатиб, 17 500 АҚШ доллари миқдоридаги иш ҳақларини бермасдан алдаб келгани аниқланди.

Шундан сўнг ушбу фуқароларни Белоруссиянинг Гомель ва Россиянинг Москва шаҳрига олиб боришган. Фуқароларни шу ердан Европага ишчи визасини олиб бериши ҳақида такрор алдашиб, уларнинг мазкур давлатларда ишсиз юриб, турли қийинчиликларга дучор бўлишига сабабчи бўлишган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан фуқаролар М.А., С.С. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми (кўп миқдорда фирибгарлик) ва 135-моддаси 2-қисми (икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.