Президент раислигида ўтган Халқ депутатлари Фарғона вилояти кенгашининг сессиясида 2021−2022 йилларда умумий қиймати 17 трлн сўмлик 949 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши маълум қилинди. Бунда кимё, тўқимачилик, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари, электротехника саноати «драйвер» бўлади, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

«Фарғона азот» акциядорлик жамиятида жами 537 млн долларлик 3 та лойиҳа, тўқимачиликда 154 млн долларлик 14 та лойиҳа амалга оширилади.

Қайд этилишига кўра, вилоятда ер ресурси чеклангани сабабли чўл жойлар, яйлов ва адирликларда 33 минг гектар ер ўзлаштирилади. Бунга сарфланадиган 350 млрд сўмлик харажатларнинг 110 млрд сўми субсидия ҳисобидан қоплаб берилади.

2021 йилда вилоятнинг 11 та жойида 105 та кўп қаватли уйлар барпо этилиши таъкидланди. 312 млрд сўм марказлашган маблағлар ҳисобидан 503 км йўлларни таъмирлаш бўйича вазифа белгиланди.

Тиббиёт бўғинини ривожлантириш учун 16 та оилавий шифокорлик пункти ва оилавий поликлиника ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Фарғона вилоятидаги 19 та туман ва шаҳарларда биттадан Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ташкил этилиши, «Ёшлар: 1+1» лойиҳаси доирасида 8 мингдан зиёд ишсизлар тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитилиши белгилаб берилди.