Меҳнат ва бандлик муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияда бўлиб турган ўзбекистонликларни Россия Федерациясининг турли ҳудудларида давлат расман рухсат бермаган оммавий намойишларда қатнашмасликка чақирди.

Агентлик Россия қонунларига риоя этишни ва одамлар кўп тўпланаётган жойларга бормасликни сўраган.

«Расман рухсат берилмаган тадбирларда қатнашиш чет эл фуқаролари учун Россия Федерацияси қонунларига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилиш ёки давлатдан мажбурий чиқариб юборишга олиб келиши мумкин», — дейилади хабарда.

2 февраль куни Москванинг Симоновский суди Жазони ижро этиш федерал хизматининг илтимосномасини қаноатлантирди ва Коррупцияга қарши кураш фонди асосчиси, россиялик мухолифатчи Алексей Навалнийга тайинланган шартли жазони ҳақиқийси билан алмаштирди. Қарор «Ив Роше» иши доирасида қабул қилинди ва унга кўра сиёсатчи 3,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Аммо уй қамоғида ўтказилган 10 ойлик муддатни ҳисобга олган ҳолда у умумий режимдаги колонияда 2 йилу 8 ойни ўтказади.

23 ва 31 январь ҳамда 2 февраль кунлари Россия шаҳарларида Коррупцияга қарши курашиш жамғармаси таъсисчиси, мухолифатчи Алексей Навальнийни қўллаб-қувватлаш учун намойишлар бўлиб ўтган эди.

Навальнийни қўллаб-қувватлаш учун бўлган намойишларда 10 мингдан ортиқ киши ушланган.