Фарғона шаҳрида халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Хайрулло Бозоров Фарғона вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди. Бу хақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Мен Хайрулла Бозоровни кўп йиллардан бери биламан. Учта туманда, вилоятда ҳоким бўлиб ишлаган. Жуда тажрибали, ҳозирги замонга муносиб, халқпарвар, камтар инсон. Тўрт ойдан бери ҳоким вазифасини бажарувчи сифатида сизларнинг ҳам синовингиздан ўтди. Фарғонага мана шундай билимли, тажрибали одам керак», — деди Шавкат Мирзиёев йиғилишда.

Хайрулло Бозоров меҳнат фаолиятини 1995 йилда солиқ инспектори сифатида бошлаган. 2007−2015 йилларда Наманган вилояти ҳокимининг ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари, Учқўрғон, Чуст ва Мингбулоқ туманлари ҳокими бўлиб ишлаган. 2015−2020 йилларда Наманган вилоятини ҳокими бўлган. Ўтган йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи фахрий унвони билан тақдирланган.

2020 йил сентябрь ойидан буён Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажариб келган.