Самарқанднинг транспортининг бош режаси SIMETRA компанияси томонидан яқин олти ой ичида амалга оширилиши кутилмоқда.

Биринчи босқичда компания мутахассислари дастлабки ўрганиш ишларини олиб борадилар. Февраль ойининг бошида Самарқандда шаҳар ҳокими, манфаатдор томонлар ва ОАВ вакиллари иштирокида катта семинар ўтказилади.

«Лойиҳанинг барча жараёни махсус ахборот сайтида ёритилади. Сайт ўзбек ва рус тилларида ишлайди», — дейилади компания баёнотида.

Самарқанд Ўзбекистондаги энг катта шаҳарлардан бири, унга сайёҳлар ҳам кўп келади. Шу боис президент Шавкат Мирзиёев бу ерда жамоат транспорти йўналишларини оптималлаштириш заруратига алоҳида эътибор қаратган эди.

Декабрь ойида давлат раҳбари Самарқанд шаҳрида қулай транспорт тизимини яратиш бўйича Бош режани ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берган эди. Унда йирик чорраҳаларнинг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш, алоҳида йўлакли автобуслар ҳаракатини ташкил этиш, кўп ўринли автобуслар қўйиш ва интервалларини қисқартириш чоралари белгиланганди.