Республика транспорт прокуратураси томонидан 2020 йилда йўл ва кўприк қурилиш соҳасида бюджетдан ажратилган пулларни ўзлаштириш ҳолати бўйича 40га яқин жиноят иши очилган. Уларда йўллар қурилишидаги коррупцион ҳолатлар бўйича 11,5 млрд сўмлик давлат мулки талон-торож этилгани фош этилди. Бу ҳақда 3 февраль куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар берди Бош прокуратура матбуот хизмати.

2020 йил давомида Транспорт прокуратураси томонидан ҳар бир объектга чиқиб йўллар аҳволи ўрганилганда, қатор камчиликлар борлиги аниқланди.

Аввало, йўл ва кўприк қурилишига оид қонунчилик ва уларни қуришда қўлланиладиган давлат стандартлари, йўриқнома ва қоидаларни такомиллаштириб, ҳозирги замонга мослаштириш зарурати юзага келган. Боиси, ҳозирги кундаги қурилишлар ҳанузгача собиқ иттифоқ давридаги стандартлар асосида амалга оширилмоқда.

Мисол учун, ўша пайтларда йўллар 14 тонналик юк машиналарига мослаштирилган бўлса, бугунги кунда 80 тонналик автомобиллар йўлларимизда юрибди. Бу ҳам йўллар сифати тез бузилиши, ишдан чиқишига олиб келмоқда. Транспорт прокуратураси томонидан бу борада тегишли таклифлар берилганлиги қайд этилди.

Шунингдек, матбуот анжуманида кўприк ва йўллар қурилишида лойиҳа институтлари монополияси тугатилгани, бундан буён объектлар очиқ тендер савдолари орқали қурилиши таъкидланди.