Бухорода кўп қаватли уйда газ портлаш ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотга кўра, газ сизиб чиқиши натижасида портлаш юз берган 9 қаватли уй «WHITE GROUP TRADING» МЧЖ томонидан қурилган.

Портлаш натижасида, кўп қаватли уйда бўлган А.Мирзаев, Н.Самадов ва И.Сотиболдиевлар, портлаш жараёнида йўлдан транспорт воситаларида йўловчи сифатида кетаётган Ф.Жўраева, Ш.Ўринова, Н.Розиқова, Б.Жўраев, М.Маҳмудова, Б.Собирова, Ш. Идиева, Ф.Юлдашева ва Ш. Асадовалар турли даражадаги тан жароҳатлари олган.

А.Мирзаев оғир, Ш. Асадова енгил ва қолганлар ўрта оғир тан жароҳати олишган. Тан жароҳатлари бўйича судга оид тиббиёт ва зарар етказилганлиги бўйича судга оид баҳолаш ҳамда судга оид қурилиш техникавий экспертизалар тайинланди.

Ҳолат юзасидан ЖКнинг 259-моддаси 2-қисми «б» банди (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг шу қоидалар бажарилиши учун масъул бўлган шахс томонидан бузилиши оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилди.

Тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.