Ezgu Amal жамоат фонди Бутунжаҳон саратонга қарши курашиш кунида президент Шавкат Мирзиёевга тиббиётнинг болалар онкологияси ва гематология йўналишини ривожлантириш бўйича чоралар кўришни сўраб мурожаат қилди.

Ezgu Amal маълумотларига кўра, ривожланган давлатларда саратонга чалинган беморларни соғлом ҳаётга қайтариш кўрсаткичлари 70−80% ни ташкил этади, Ўзбекистонда эса бу кўрсатгич 20−30%га тенг. Онкологик ва гематологик касалликларга чалинган аҳолига ёрдам кўрсатишни ислоҳ қилиш бўйича давлат дастури бандлари бажарилмаганлигича қолмоқда, дея таъкидлайди фонд.

«Тиббиёт тизими, хусусан болалар онкология ва гематология йуналиши даражасини тубдан яхшилаш ва саратон касаллигига чалинган болаларга тўғри даволаниш ва соғлом яшаш имконини бериш зарур. Чунки саратон касаллиги ҳукм эмас», — дейилади мурожаатда.

Фонд болалар онкологияси ва гематология йўналишларида қатор муаммоларни қайд этиб, уларга ечимлар таклиф қилган:

  • болалар онкология ва гематология бўлимлари Онкология ва Гематология марказларида, катталар билан бир клиникада жойлашган. Ezgu Amal бундай тизим фақат Тожикистон ва Туркманистонда давом этаётганлигини таъкидлаган. МДҲнинг бошқа давлатлари ва ривожланган мамлакатларда ушбу икки йуналиш бирлашган ҳолатда Кўп тармоқли болалар марказларида ташкил топган.

«Кўп тармоқли болалар марказларининг қулайлиги шундаки, бемор болаларга зарур бўлган болалар мутахассислари (педиатр, кардиолог, жарроҳ, травматолог, нейрохирург), ҳамда болалар реанимация бўлимлари бир жойда жамланган. Бизнинг Гематология ва Онкология марказларимизда шу кунга қадар болалар реанимация бўлими мавжуд эмас», — дейилади мурожаатда.

  • эрта ташхис қўйиш (диагностика) йўқлиги. «Мамлакатнинг чекка ҳудудларида тиббиёт тизими етарли даражада ривожланмагани боис, кўп саратон касалликлари ташхиси кечиктирилиб аниқланмоқда. Касалликнинг 3−4 даражасида қўйилган ташхис, беморларни соғлом ҳаётга қайтариш кўрсатгичини пасайтиради».

Мурожаатда айтилишича, замонавий диагностика текширувлари хусусий клиникаларда пуллик ўтказилади, биологик материал эса чет элга жўнатилиб, тўғри ташхисга эришилади. 1та бемор тўлиқ замонавий текширувдан ўтиши учун 800−1000 АҚШ доллари сарф қилиши керак, дея таъкидлайди фонд. Бундан ташқари, натижалардаги хатони инкор қилиш мақсадида, ҳар бир бирламчи беморнинг таҳлили нейтрал 2та марказда кўрилади. Лекин Ўзбекистон қонунчилигида биоматериални транспортировка қилиш ман қилинган.

Фонд онкологик ва гематологик касалликлари бўлган болалар учун замонавий эрта диагностика ва даволаш усуллари, паллиатив ёрдам ҳамда юқори технологияли тиббий ёрдамни давлат бюджети ёки кредит маблағларининг жалб этилиши, ёки тиббий суғуртани тадбиқ этиш йўли билан амалга оширишни таклиф этмоқда.

«Шунингдек биоматериални транспортировка қилиш учун қонунчилик базасини қайта кўриб чиқиш ва курьерлик хизматлари учун расмий рухсат керак», — дейилади мурожаатда.

  • даволашнинг замонавий стандарт усули мавжуд эмаслиги. «Бугунги кунда болалар онкология бўлимларида Халқаро стандартларга асосланган даво ўтказиш ва замонавий даволаш протоколларини қўллаш учун етарли шароит мавжуд эмас. Бунинг сабаби — етарли асбоб-ускуна, тиббий анжомлар, қиммат дори воситалари, қон ва қон маҳсулотлари, хамда малакали кадрлар танқислигидир», — дея таъкидлайди фонд.

Фонда маълумотларига кўра, онкогематология бўлимларида дори-дармон билан таъминланиш 10−15%ни ташкил этади. «Онкология Марказида болалар эски самарасиз протоколлар асосида даволанишаяпти ва яшаш давомийлиги ҳозирги кунда 30% ташкил қилади. Моддий шароити юқори бўлган оилалар эса, фарзандининг умрини сақлаб қолиш учун чет эл клиникаларини танлашади», — дейилади мурожаатда.

Ezgu Ama Кўп тармоқли болалар марказидаги умумлашган Онкология ва Гематология бўлимларида Замонавий стандартлар бўйича даволаш усуллари ва протоколларини тадбиқ этиш ва бўлимларни энг охирги текширув ҳамда даволаш тиббиёт жиҳозлари билан таъминлаш кераклигини айтмоқда. Шунингдек, фонд кимё ва нур терапияси ёрдам бермаган беморларга донорлардан илик трансплантациясини қўллашни йўлга қўйишни ҳамда касалликлар ягона электрон тарихини яратишни таклиф этмоқда.

  • кадрлар етишмовчилиги. «Малакали мутахассислар етишмовчилиги (айниқса вилоятларда), ойлик маош камлиги туфайли ёш кадрларнинг ушбу соҳага қизиқиши пастлиги ва малакали мутахассисларнинг бошқа соҳага ёки чет элга ишга ўтиб кетиши, мутахассисларни чет элдаги нуфузли клиникаларда малака ошириш имкониятининг йўқлиги, шунингдек тил билмаслиги ва ўқиш учун шароит йўқлиги болалар онкологияси ривожланишида тўсиқ бўлмокда», — дея таъкидлайди фонд.

Ezgu Amal ушбу соҳада фаолият юритувчи мутахассисларнинг ойлигини кўтаришни, уларни халқаро экспертлар ёрдамида имтиҳондан ўтказишни ва ривожланган давлатларда амалиёт ўтиш имкониятини яратишни таклиф этмоқда.

Бундан ташқари, фонд юқорида кўрсатилган таклифларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш ва назоратга олиш мақсадида жамоатчилик ва ОАВ вакиллари, экспертлар ва бошқалардан иборат Эксперт гуруҳини ташкил этишни таклиф этди.