Янгийўл шаҳрида 8 ёшли қизни бегона эркак олиб кетмоқчи бўлгани ҳақидаги хабар асосида тергов ҳаракатлари бошланди. Ҳодиса 29 январь куни соат 12:10ларда содир бўлган.

2013 йилда туғилган, 1 синф ўқувчиси С.А. мактабдан чиққанда унинг ёнига номаълум шахс келган ва у билан суҳбатлашган. Унга ширинлик олиб беришини айтиб, қўлидаги мактаб сумкасини олиб, биргаликда бозор томонга ҳаракатланган.

Улар бироз юргандан сўнг қизалоқ у билан кетмаслигини айтиб, йиғлай бошлаганида эркак қизга мактаб сумкасини қайтариб, ўзи йўлда давом этган. Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеода ҳам акс этган.

Суруштирувлар давомида қизнинг ота-онаси видеодаги шахсни танимаслигини айтган.

Ҳозирда ушбу шахснинг кимлигини аниқлаш юзасидан шаҳар ИИБ ходимлари суруштирув ишларини давом эттирмоқда.