Бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков America Ovozi (VoA)га берган интервьюсида президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувда давлат хизматчиларининг блокнотларга қайдлар ёзиб бориш одати бўйича тушунтириш берди.

Навбахор Имамова ва Сардор Умурзаков. Фото: AmerikaOvozi / YouTube.

Унинг сўзларига кўра, бу мамлакатда шаклланган сиёсий маданият билан боғлиқ.

«Ҳар битта давлатда, ҳар битта жамиятда ўзига яраша сиёсий маданият бор. Масалан, шу саволни қўяётган одамларимиз нима учун айрим бошқа давлатлардаги бизга жуда бир ғалати туюлиши мумкин бўлган ҳолатларни муҳокама қилмайди? Масалан, айрим Шарқий Осиёнинг демократик давлатларида бир-бирига энгашишлар [учрашувда] ва ҳ.к. Жуда кўп мисол келтиришим мумкин. Бу бизда шаклланган сиёсий маданият», — дея таъкидлади у.

Бош вазир ўринбосари кун давомида ҳукумат аъзоси сифатида давлат раҳбаридан «ҳисоблаш осон бўлмаган» топшириқларни қабул қилишини таъкидлади.

«Бу 1−2 та топшириқ эмас. Мисол, менга топшириқ берилганда ёзаётганимнинг сабаби эслаб қолиш учун, кейин эса уларни тизимлаштираман. Шахсан ўзим йиғилишларда қатнашганимда бўлаётган мавзудан келиб чиқиб, мен ўзимни ишимга тааллуқли бўлган жойларини ёзиб, хулоса қилиб, менга сўз берилса, қандай қилиб, асосий масалаларни кўтаришим кераклигини ўзим учун белгилаб оламан», — деди Умурзаков.


«Сиёсий маданият бизда шаклланиб бўлди. Нима омиллар таъсирида — бу иккинчи масала. Лекин бу шаклланган сиёсий маданият ва биз уни ҳурмат қилишимиз керак», — дея қўшимча қилди вазир.

Шунингдек, VoA журналисти Навбахор Имамова давлат хизматчилари президентга «йўқ, бундай эмас» ёки «бошқача йўл тутайлик» дея олиш-олмаслиги, улар орасида бахс-мунозара бор-йўқлиги билан ҳам қизиқди.

«Албатта, ёпиқ учрашувларда, яъни, тор доиралардаги йиғилишларда турли фикрлар айтилади. Ҳатто президент олдида ҳам мен битта фикр айтишим мумкин, бошқа вазир, бош вазир ўринбосари ёки ҳамкасбимиз бошқа фикр айтиши мумкин. Албатта [эркин фикр алмашинуви бор], бизда бундай ҳолатлар ҳам бўлади. Давлат раҳбарининг талаблари ҳам шундан иборат», — деди бош вазир ўринбосари.


Сардор Умурзаков Ўзбекистондаги сиёсий маданиятни «инсонга сиғинишга» тенглаштириш нотўғри деб ҳисоблашини айтди. «2016 йилда битта одамни сиёсий иродаси билан мана шу ўзгаришлар бошланди. Буни энди ҳар ким ҳар қандай айтиши мумкин, лекин буни тан олмай иложиси йўқ», — деди у.