Хонанда Жасур Умировнинг иши бўйича дастлаб жиноят иши қўзғатишни рад этган ИИБ терговчисининг ҳаракатлари прокуратура томонидан ўрганилмоқда, дея хабар қилди Самарқанд вилоят прокуратураси.

Қайд этилишича, ҳозирда ушбу ҳолат бўйича дастлаб терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб бориб, юз берган ҳолатда бирон-бир шахснинг ҳаракатида жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги ҳақидаги асос билан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилган Каттақўрғон туман ИИБ ТБ терговчисининг ҳаракатлари бўйича Каттақўрғон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, вояга етмаган Ш. М.ни мажбурлаб номусига текканлиги ҳолати юзасидан Жасур Умировга нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши жиноят ишлар бўйича Каттақўрғон шаҳар судида мазмунан кўрилиб, суднинг 2 февралдаги ҳукми билан Жасур Умиров ва бошқалар айбдор деб топилиб, уларга нисбатан суд ҳукми билан тегишли жазолар тайинланган эди.