Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судида судланувчилар Жасур Умиров ва бошқаларга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди, дея хабар қилди Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати.

Ушбу жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) 1-қисми талабларига мувофиқ ёпиқ тарзда кўриб чиқилди.

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судининг 2021 йил 2 февралдаги ҳукмига кўра:

Жасур Умиров Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди;

Судланувчи А. З. Жиноят кодексининг 238-моддаси (ёлғон гувоҳлик бериш) 1-қисми ва 241-моддаси (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) 2-қисми билан айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида узил-кесил 1 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди;

Ш. Қ. Жиноят кодексининг 238-моддаси 1-қисми ва 241-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида узил-кесил 1 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Мазкур жиноят иши бўйича судга раислик қилувчи томонидан томонларга, шу жумладан судланувчилар, жабрланувчи ва унинг қонуний вакилига, ҳукм нусхасини олган вақтдан бошлаб йигирма сутка муддат ичида шу суд орқали Самарқанд вилоят судининг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанцияси судлов ҳайъатига апелляция тартибида шикоят қилишга ва протест келтиришга ҳақли эканлиги тушунтирилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бош прокуратура хонанданинг вояга етмаган қизни зўрлаб, номусига теккани ҳақидаги хабар бўйича баёнот берган эди. Унга кўра, Каттақўрғон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлимининг жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарори бекор қилиниб, қўшимча текширув ҳаракатларини олиб бориш белгиланган эди. Кейинчалик, текширув ҳаракатларидан сўнг жиноят иши қўзғатилган эди.