Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг хабар беришича, келгусида Амантойтов ва Довгизтов конларини сайёҳлар ташриф буюрадиган туристик масканга айлантириш режалаштирилган.

Амантойтов ва Довгизтов конлари марказий Қизилқум чўлининг руда майдони минтақасидаги конлар бўлиб, Навоий шаҳридан 180 км шимолда, Зарафшон шаҳридан 40 км шарқда жойлашган. «Руда заҳираси кўлами, рудани қазиб олиш технологик шароитининг қулайлиги, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатининг юқорилиги ва бошқа хусусиятларига кўра дунёдаги ноёб конлар сирасига киради», — дейилади хабарда.

Ушбу конларда, ишлаб чиқариш жараёнига ҳалал бермасдан, хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаб тоғ жинсларини портлатиш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларини узоқ масофадан, панарама ойнали майдончаларда туриб кузатиш мумкин бўлади.

Шунингдек, мазкур ҳудудда улар учун енгил конструкцияли дам олиш масканлари ҳамда қўшимча хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш режалаштирилган.