Ҳозирда Тожикистон электр энергиясини фақат Афғонистонга етказиб бермоқда, Ўзбекистон ва Қирғизистонга етказиб бериш тўхтатилган, дея хабар берди Asia-plus нашри Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазири Далер Жума маълумотларига асосланиб.

«Ўтган йили мамлакатнинг барча дарёларида сув оқими камайди, натижада ҳукумат мамлакат аҳолисини куз ва қишда узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида экспортга чекловлар жорий этди», — деди у.

2019 йил 2020 йил билан таққосланса, пасайиш 48 фоизни ташкил этаётганлиги қайд этилди.

«Ҳозирги кунда Тожикистондан қўшни мамлакатларга электр узатиш линиялари орқали минимал оқим узатилмоқда. Бу узатиш линияларини бир-бирига боғлаб туриш учун зарурдир», — дея таъкидлади Тожикистон энергетика вазири.

Маълумотларга кўра, 2020 йилда Тожикистонда жами 19 млрд 770,5 млн кВт / соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Ушбу экспорт учун қиймати 56,4 млн доллардан ортиқ бўлган 1 млрд 528,4 миллион кВт / с электр энергияси сарфланди.

Ишлаб чиқарилган электр энергияси 2019 йилга нисбатан 905,7 миллион кВт / соатга кам.