5 февраль куни Олий Мажлис Сенати 12-ялпи мажлисини чақиради. Бунга 1 февраль куни бўлиб ўтган Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлисида қарор қилинди, дея хабар берди Олий Мажлис Сенатининг матбуот хизмати.

Мажлис видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтади. Унда «Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги, «Аудиторлик фаолияти тўғрисида"ги, «Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги, «Халқлар дўстлиги кунини белгилаш тўғрисида"ги қонунлар муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Шунингдек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2020 йилдаги ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи, қолаверса, Боёвут, Бўстон, Олот, Тўрақўрғон, Қарши туманлари ва Каттақўрғон шаҳрини 2020−2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари дастурларининг ижросини ўрганиш натижалари муҳокама қилиниши назарда тутилган.

Бундан ташқари, илмий фаолиятни ривожлантириш учун кўрилаётган чоралар, мамлакатда тошқинлар, сел оқимлари, кўчки хавфи мавжуд тоғ ва тоғолди ҳудудларида жойлашган аҳоли пунктлари ҳамда иқтисодий объектлар хавфсизлигини таъминлашга оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ҳамда бошқа масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилган.