2021−2022 йилларда Ўзбекистондаги маҳалла қўмиталари учун 1,7 трлн сўмга (2 февраль ҳолатига кўра 161,6 млн доллар) 2951 та бино қурилиши режалаштирилган. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 1 февралдаги «2021−2022 йилларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мажмуаларини ташкил этишнинг мақсадли дастурини тасдиқлаш тўғрисида» қарорида белгиланган.

Дастурнинг биринчи босқичига кўра, 2021 йилда 1881 та бино қурилиши кутилмоқда, бунинг учун 1,069 трлн сўм ажратилади. Маблағларнинг 866,5 млрд сўми давлат-хусусий шериклик асосида, қолган 203,4 млрд сўми маҳаллий бюджетларнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Иккинчи босқичда — 2022 йилда — мамлакат бўйлаб яна 1070 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари бинолари қурилади. Бунинг учун яна 633,3 млрд сўм ажратилади. Шундан 485,2 млрд сўм қисми давлат-хусусий шериклик асосида, 148,1 млрд сўми маҳаллий бюджетлар асосида молиялаштирилади.

Ҳужжатда кўрсатилишича, «Минтақавий электр тармоқлари», «Ўзтрансгаз» ва «Ўзбектелеком» компанияларидан маблағлар ташқи муҳандислик ва транспорт коммуникациялари, электр энергияси, газ таъминоти ва биноларни алоқа билан таъминлаш учун жалб қилинади. Шу билан бирга, йўлларнинг қурилиши, канализация ва сув таъминоти минтақаларнинг маҳаллий бюджетларининг қўшимча маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Ўз навбатида, янги биноларни мебель, маиший техника ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш харажатлари «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, хокимиятларнинг грантлари, кредитлари ва қўшимча маблағлари ҳисобидан қопланади.

Ҳар бир Маҳалла қўмитаси биносида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бўлими ҳамда «Маҳалла» фонди жойлаштирилади.

Аввалроқ, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб маҳалла қўмиталари ходимлари педагогик ва молиявий-иқтисодий йўналишдаги университетларда ижтимоий ишчи мутахассислигини ўрганишлари мумкинлиги маълум қилинган эди.