Мактаб битирувчиларининг мажбурий 11 йиллик таълимининг охирги 6 йиллик баҳолари ОТМга ўқишга киришда ҳисобга олиниши бўйича қарор лойиҳаси эълон қилинди.

Қарор лойиҳасига кўра, 2022−2023 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта, ўрта махсус таълим муассасалари ва касб-ҳунар мактаблари битирувчиларининг шаҳодатномаси (диплом иловаси)га мажбурий 11 йиллик таълимнинг сўнгги 6 йиллик баҳолари ўртача кўрсаткичи киритилиши режалаштирилмоқда.

Таълим муассасалари ва касб-ҳунар мактабларига масъул вазирлик ва идоралар 2022−2023 ўқув йилидан бошлаб ўз битирувчиларининг сўнгги 6 йиллик баҳоларини акс эттирувчи электрон платформа яратади. Баҳоларни электрон платформага ҳар ўқув йили учун июнь ойида киритилади.

Баҳоларнинг ўртача кўрсаткичи қандай ҳисобланади?

Умумий ўрта таълим муассасаси битирувчилари баҳосининг ўртача кўрсаткичини ҳисоблашда битирувчининг 6−11-синфлардаги йиллик баҳоларининг умумий йиғиндиси ҳар бир синфдаги ўқиган фанлар сонининг умумий йиғиндисига нисбати олинади.

Ўрта махсус таълим муассасалари ва қабули 9-синф негизи асосида амалга ошириладиган касб-ҳунар мактаблари (коллеж, лицей) битирувчилари баҳосининг ўртача кўрсаткичини ҳисоблашда битирувчининг 6−9-синфлардаги ҳамда 1−2-босқичдаги умумтаълим фанлари бўйича йиллик баҳоларининг умумий йиғиндиси ўқиган умумтаълим фанлари сонининг умумий йиғиндисига нисбати олинади.

ОТМ имтиҳонларида ўртача кўрсаткични инобатга олиш

2023−2024 ўқув йилидан бошлаб ушбу кўрсаткич олий таълим ташкилотига кириш имтиҳонларида инобатга олинади.

ОТМга қабул тестлари тугагач, белгиланган муддатда, абитуриентларнинг тест синовида тўплаган балларига уларнинг ўртача кўрсаткичлари қўшилади, шундан кейин ўқишга танлов амалга оширилади.

Агар абитуриент имтиҳонда максимал баллнинг 30 фоизидан кам балл тўпласа, ажратилган квота доирасида танловда иштирок этолмайди.

Қабул жараёнида абитуриент томонидан тақдим этилган шаҳодатнома (аттестат)даги ёки диплом иловасидаги баҳолар билан махсус электрон платформага киритилган баҳолар ўртасида тафовут аниқланса, у ҳолда абитуриентнинг кейинги ҳолати кириш имтиҳонларида (талабаликка қабул қилинган бўлса) талабаликка қабул қилинган таълим йўналиши доирасида қайта кўриб чиқилади. Агар киритилган ўзгаришлар туфайли абитуриент тўплаган балл қабул чегарасидан пастлаб кетса, мазкур абитуриент олий таълим ташкилотига қабул қилинмайди.

Лойиҳа муҳокамаси 16 февралгача давом этади.