Ўзбекистонда ишлаш учун аккредитация берилмаган ва Ташқи ишлар вазирлиги ходими унга шилқимлик қилганини таъкидлаган Польшалик журналист Агнешка Пикулицка 2 февраль куни вазирлик вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда у ўзининг Twitter аккаунтида маълум қилди.

«Рустам ким? Мен ҳозиргина ТИВ билан мароқли учрашувда бўлдим, улар менга аккредитация масаласи очиқлигича қолаётганлигини айтишди. Мен бундан миннатдорман. Шу билан бир вақтда, менга Рустамнинг ҳатти-ҳаракатлари бўйича текширув ўтказишнинг иложи йўқ эканлигини айтишди… Рустам кимлигини ҳеч ким билмайди», — деб ёзади халқаро журналист.

Агнешка Пикулицка Рустам билан ТИВ биносида бир неча маротаба кўришганини, ўтган йили у аккредитация қилинган учрашувда ҳам Рустам бўлганлигини айтади. «У менга ўтган март ойида Меҳнат вазири билан интервью ташкиллаштирганди ва вазирликдаги ҳамма уни яхши танийдигандек кўринганди», — дейди у.

Польшалик журналист кеча дўстининг маслаҳати билан «Рустам» исмли шахснинг Telegram профилини текширганини айтади. «Расми ўша-ўша. Кейин биз рақам ким учун рўйхатдан ўтказилганини текширдик ва «Ilhomaka FBI»га тегишли эканини кўрдик. Шунинг учун мен ТИВга улар қидираётган шахснинг исми Ильхом бўлиши мумкинлигини айтдим».

«Умид қиламанки, сирли Рустамни қидириш бўйича ишлар тез орада ижобий натижа беради. Ишончим комил Ilhom FBI (ёки Рустам СГБ) ТИВда ёки эҳтимол давлатнинг бошқа структурасида топилади. Нима бўлишидан қатъи назар, хабарларни бериб бораман», деб якунлайди сўзини журналист.

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева ушбу ҳолатга муносабат билдириб: «Журналист Агнешка Пикулицка билан содир бўлган воқеа Ўзбекистонда ҳам, бошқа мамлакатларда ҳам мутлақо қабул қилиниши мумкин бўлмаган ҳолат. Ўзбекистон инсон шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилишнинг ҳар қандай шаклига асло тоқат қилмаслик сиёсатига амал қилади», — деди.

«Агнешка ушбу ҳолатни айтиб мардлиги ва бефарқ эмаслигини намойиш этди. Албатта, ушбу ҳодиса пухта ўрганилиб, таҳлил қилинади, тегишли чоралар кўрилади ва айбдорлар жазоланади», — дейди Нарбаева.

Сенат раиси ушбу ҳолат «республикада амалга оширилаётган барча улкан ислоҳотларга соя солмаслиги лозим"лигини таъкидлади. «Ўзбекистон демократик давлат ва эркин фуқаролик жамият барпо этиш йўлини танлади ва шу йўлдан қатъият билан қадам ташлашда давом этади».

Ташқи ишлар вазирлиги ушбу ҳолат бўйича ҳозирча муносабат бермади.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Олдинроқ Guardian, Al Jazeera, The Diplomat халқаро нашрлари учун ёзадиган мустақил журналист Агнешка Пикулицка-Вилчевска Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги унга аккредитация бермаганлигини маълум қилган эди. Аккредитация бўйича жавоб қонун бўйича 2 ойда эмас, 6 ойда берилган. Журналист ТИВ ходими унга тегажоғлик қилганини, ижобий мақолалар ёзишини сўраганлигини ҳам таъкидлаган.