«Технопарк» компанияси электрон сув ҳисоблагичларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши мумкин. Лойиҳа 25 январь куни президентга тақдим этилган саноат ва логистика соҳасидаги инвестиция лойиҳалари рўйхатига киритилган. «Газета.uz» бунга «Махсус ракурс» видеолавҳасида эътибор қаратди.

Сув ҳисоблагичларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа қиймати 77,7 млрд сўмга баҳоланмоқда. Ушбу маблағнинг 27,19 млрд сўм миқдорини «Технопарк» компаниясининг ўзи инвестиция киритмоқчи, қолган 50,51 млрд сўмини халқаро молия институтларининг кредит линиялари шаклида жалб қилиш режалаштирилган.

Лойиҳа апрель ойида бошланиши ва 10 ой давом этиши мумкин.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил этилган «Технопарк» ҳозирни ўзида ҳам қатор саноат лойиҳаларини амалга оширмоқда. 2020 йил бошидан бери компания Osten савдо белгиси остида ақлли газ ҳисоблагичларини ишлаб чиқармоқда. «Газета.uz» хабарига кўра, лойиҳа доирасида 2021 йил июлгача 5,48 трлн сўмга (Марказий банкнинг 1 декабрь ҳолатига кўра 507 млн доллар) 3,54 млн электрон газ ҳисоблагичларини етказиб бериш кўзда тутилган.


«Интеллектуал Мулк» ахборот-қидирув тизими маълумотларига кўра, Artel Engineering and Management ва J-United Group (ягона таъсисчиси — Жаҳонгир Ортиқхўжаев) Osten савдо белгисини рўйхатдан ўтказиш учун ариза берган.

«Технопарк» шунингдек кир ювиш машиналари, фурнитура ва аксессуарлар, саноат кондиционерлари ва совутиш тизимлари, электр сув насослари, сув иситгичлари, совутиш тизимлари, лифтлар, эскалаторлар ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқаради.

Эслатиб ўтамиз, Монополияга қарши курашиш қўмитаси Ўзбекистондаги барча кўп қаватли уйларда лифт ускуналарини таъмирлаш ва янгилаш бўйича лойиҳанинг бош пудратчиси сифатида танланиши таклиф қилинган «Технопарк» компаниясига эксклюзив ҳуқуқларнинг берилишига қарши чиққанлиги ҳақида хабар берган эдик.

Шунингдек, аввалроқ J-United Group Наманган вилоятидаги логистика марказини кенгайтиришга 21,8 млрд сўм (тахминан 2 млн доллар) сармоя киритишни режалаштиргани ҳақида хабар берилган эди. Адлия вазирлигининг таъкидлашича, қонунчиликка кўра бир вақтнинг ўзида давлат органларида лавозимга эга бўлиб, бир қатор тижорат ташкилотларининг акцияларига эгалик қилиш тақиқланмайди.