Ўқув йили давомида фанлардан ўз вақтида баҳо олмаган талабалар учун пулли қўшимча семестр ташкил этилади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиков маълум қилди.

Бошқарма бошлиғи ўқув ҳафталари 38−40 ҳафтадан 36 ҳафтага туширилганини таъкидлади. Бу билан академик дарс жараёнлари 10 ойдан 7,5−8 ойга қисқарган.

Абдували Холиков ўқув жараёнига учинчи, ёзги семестр ҳам қўшилганлигига тўхталди.

«Бу — таътил даврига тўғри келади ва талабаларнинг аризасига кўра, фанлардан баҳо олмаганлар учун ташкил этилади. Учинчи семестр учун ариза берган талабалар белгиланган тартибда қўшимча маблағни амалга оширади», — дейди бошқарма бошлиғи.

«Ҳозирча бу тизим бўйича саволлар бўляпти, аммо уч йилдан сўнг барча бу тизимга тўлиқ мослашади», — деди у.

Бу тизим 2020−2021 ўқув йилида 46 та ОТМда йўлга қўйилган. Ушбу тартиб босқичма-босқич бошқа ОТМларда ҳам жорий қилинади.