Самарқанд вилоятидаги 24-сонли умумий ўрта таълим мактабда «F.» МЧЖ томонидан смета ҳужжатларида кўрсатилган қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ бажарилмасдан, маълумотлар қўшиб ёзилган, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Корхона раҳбарлари 631,7 млн сўм бюджет маблағларини талон-торож қилганликлари аниқланган.

Шу билан бирга, Каттақўрғон туманидаги учта маҳаллада қурилган сув чиқариш иншоотида «N.» МЧЖ қурилиш-монтаж ишларини амалда тўлиқ бажармасдан, 240,5 млн сўм бюджет маблағларини талон-торож қилиб, маълумотларни қўшиб ёзгани айтилмоқда.

Ушбу ҳолатлар юзасидан корхоналарнинг мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.