31 январь куни иккинчи маротаба Россия бўйлаб Коррупцияга қарши кураш фонди асосчиси, муҳолифатчи Алексей Навалнийни қўллаб-қувватловчи оммавий митинглар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Медуза хабар бермоқда. Бошқа давлатларда ҳам ўнлаб намойишлар ўтказилди.

Россия пойтахтида намойишчилар Навалний жойлашган «Матросская тишина» тергов ҳибсхонасига ва учта вокзал майдонларига юришларни уюштиришди. Полиция шаҳарнинг турли қисмларида оммавий ҳибсга олишларни амалга оширди. ОАВ хабарларига кўра, кун бўйи намойишчиларга қарши электрошокерлар, дубинка ва йиғлатадиган газ қўлланган.

Ҳудудларда энг катта юришлар Екатеринбург ва Новосибирскда бўлиб ўтди. У ерда ҳам оммавий ҳибсга олишлар кузатилган. Жами Россия бўйлаб 5000 дан ортиқ, шу жумладан Москва ва Санкт-Петербургда мингдан ортиқ киши ҳибсга олинди. Ҳибсга олинганлар орасида журналистлар ҳам бор.

Алексей Навалний ўтган йилнинг август ойида заҳарланиб (у Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходимларини айблаган) ва Германияда даволаниб, Москвага келганида ҳибсга олинган. Унга нисбатан шартли жазонинг ҳақиқий жазоси билан алмаштирилиши кутилмоқда.

Навалний ҳибсга олингандан сўнг Коррупцияга қарши кураш фонди Путиннинг Геленджик яқинидаги «саройи», у камида 100 млрд рублга қурилгани ҳақида фильм чиқарди. Президент Владимир Путин сарой унга тегишли эмаслигини айтган. Путиннинг бизнесмен дўсти Аркадий Ротенберг ушбу мажмуанининг эгаси эканлигини маълум қилиб, саройни апарт-меҳмонхона деб атади.