Давлат статистика қўмитаси ҳисоботига кўра, январь ойида инфляция 1% ни ташкил этди. Йиллик ҳисоботда (2020 йил январига нисбатан) озиқ-овқат соҳасидаги нархларнинг ўсиши 11,6% га етди.

Январь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари 1,2 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,5 фоизга, хизматлар 1,4 фоизга қимматлади.

Асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва алкоголсиз ичимликлар орасида мевалар ва ёнғоқлар (3,2%), сабзавот, илдиз мевалари ва дуккакли ўсимликлар (2,3%) нархлари бир ой давомида бошқа маҳсулотларга нисбатан кўпроқ ўсди. Ҳисоботда айтилишича, бу мавсумий таъсирга боғлиқ.

Мева ва сабзавот маҳсулотлари орасида булғор қалампири ва узум (8,6%), шунингдек, анор (8,2%) нархи январь ойида нисбатан анча кўтарилди. Мандаринлар 2,1 фоизга, апельсинлар 1,7 фоизга арзонлашди.

2020 йил январь ойига нисбатан асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан гречка (1,5 баравар), тухум, ўсимлик ёғи, қўй гўшти (1,3 баравар), шакар, мол гўшти (1,2 марта), сут (18,4% га), ун (14,9% га), ҳар хил турдаги гуруч навларининг (14,1% га) нархлари анча ошди.

Ҳисоботда таъкидланишича, 2021 йил январь ойида инфляциянинг асосий омилларидан бири мева-сабзавот нархларининг мавсумий ўсиши бўлган.

Товарлар ва хизматлар орасида зараркунандаларни зарарсизлантириш ва йўқ қилиш (4,5%), маиший техникани таъмирлаш ва ўрнатиш (1,3%), уй хўжаликларида ишлатиладиган тўқимачилик маҳсулотларини тикиш (0,7%) бўйича хизматлар нархлари бир ой ичида нисбатан сезиларли даражада ошди. Шунингдек, товарлар орасида уй ювиш воситалари ва тозалаш воситалари (0,9%) орасида ҳам шу ҳол кузатилди.

Йиллик ҳисоботда гилам ва гиламчаларни ювиш ва тозалаш (18,5%) нархларида сезиларли ўсиш бўлди.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги товар ва хизматларнинг асосий турлари орасида бир ой ичида энг сезиларли ўсиш диагностик визуализация хизматлари (1,6%), тиббий лабораториялар (1,4%), амбулатория хизматлари ва реабилитация хизматлари (1%) нархларида кузатилди.

Уй-рўзғор буюмлари ва хизматлари орасида сартарошлик хизматлари нархи бошқа хизматлар нархларига қараганда сезиларли даражада ўсди (1,6%). Шахсий қўллаш учун мўлжалланган буюмлар нархи бир ойда 0,6 фоизга, заргарлик буюмлари, билак ва бошқа турдаги соатлар — 0,2 фоизга, соатларни таъмирлаш хизматлари — 1,5 фоизга қимматлашди. 2020 йил январига нисбатан эса сартарошлик хизматлари нархи 20,1 фоизга, ҳужжатлардан нусха кўчириш бўйича хизматлар — 20,9 фоизга, соатларни таъмирлаш — 16,9 фоизга, шШахсий қўллаш учун мўлжалланган буюмлар нархи 9,9 фоизга ошди.