Ижтимоий тармоқларда Халқ депутатлари Бўстонлиқ тумани кенгашининг собиқ депутати Қобул Дўсовнинг ЙПХ ходимлари билан жанжаллашаётгани акс этган видеоёзув тарқалди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Қайд этилишича, 26 январь куни соат 23.30 да ЙПХ инспектори сержант Ж. Тўрабоев Яшнобод туманидаги Мирзо-Улуғбек ва Султонали Машхадий кўчалари кесишмасида хизмат олиб бориши давомида жезл ва ҳуштак билан Captiva русумли автомобиль (давлат рақами 10 B 878 OA) ҳайдовчисига тўхташ ҳақида ишора берган. Аммо ҳайдовчи ички ишлар ходимининг қонуний талабини менсимасдан ҳаракатни давом эттирган.

«Автомобиль тез орада Мирзо Улуғбек ва Маҳтумқули кўчалари кесишмасида тўхтатилди. Автомобилни бошқариб борган 36 ёшли Тошкент вилоятилик Қобул Д. инспекторга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни тақдим қила олмаган. Йўловчи сифатида автомобилда транспорт воситаси эгаси — 42 ёшли Тошкент вилоятилик Феруза Б. ҳам бор эди. Ҳайдовчи ва йўловчи ЙҲХБ ЙПХ инспекторлари билан жанжал бошлаб, ўз хизмат фаолияти ва эгаллаб турган лавозимларидан келиб чиққан ҳолда уларга нисбатан қонуний чора кўрмасликни талаб қилишган», — дейилади хабарда.

Мулоқот давомида йўл-патруль хизмати ҳайдовчи спиртли ичимлик таъсири остида эканлигидан шубҳаланиб, уни экспертизага боришни таклиф қилган. Ҳайдовчи аввал бош тортиб, кейин текширувдан ўтишга рози бўлди. Алкотестор ҳайдовчи томонидан чиқарилган нафасда 0,660 мг/л алкоголь концентрацияси борлигини аниқлаган.

Қобул Дўсовга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 131 моддаси биринчи қисми («Транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш») бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилди. Феруза Б.га нисбатан эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 131 моддаси учинчи қисми («Алкоголли ичимликдан, гиёванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш») бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилди.