ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармасининг Тарбиявий ва ижтимоий-психологик ишларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Жамшид Султонов АОКАа ўтказилган анжуманда ИИВ жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналари сони, жойлашуви ҳамда уларда сақланаётган маҳкумлар сони очиқ маълумотлар сирасига киритилганини маълум қилди.

«Бугунги кунда Ўзбекистон Жазони ижро этиш тизими тасарруфидаги муассасаларда 27 минг 500 нафар маҳкум жазони ўтамоқда. Кўпроқ оғир ва ўта оғир жиноят содир этган маҳкумлар жазо муддатини ўтаяпти», — деди Султонов.

Шунингдек, ИИВ вакили жиноятлар таснифига ҳам тўхталиб ўтди.

«Ўта оғир жиноятларга кўпроқ одам ўлдириш, гиёҳвандлик, фирибгарлик ва босқинчилик боғлиқ жиноятлар биринчи марта судланганлар орасида кўпроқ. Бошқа муқаддам судланган шахслар томонидан кўпроқ оғир турга кирувчи жиноятлар, ўғирлик шунга ўхшаш жиноятлар кўплигини айтишимиз мумкин» — деди Жамшид Султонов.

Бундан ташқари, Пробация хизмати бошлиғи Маҳамадали Исмоилов 57 минг 36 нафар шахс пробация назоратида турганини қўшимча қилди.

Анжуманда шунингдек, мамлакатда 43 та жазони ижро этиш муассасаси ҳамда 11 та тергов ҳибсхонаси борлиги маълум қилинди. Муассасаларнинг 18 таси ёпиқ турдаги, 25 таси эса манзил-колония эканлиги айтилди.