Ўзбекистон Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка ўртасидаги халқаро авирейсларга (кириш, чиқиш ва транзит) қўйилган чеклов муддатини 1 мартга қадар узайтирди. Бу мазкур мамлакатлардан вируснинг янги штаммларини кириб келишини олдини олиш мақсадида амалга оширилди, дейилади Республика махсус комиссияси қарорида.

Аввалроқ, чеклов 21 декабрдан 10 январгача белгиланиб, кейинроқ муддат 1 февралга қадар узайтирилган эди. Олдинги рўйхатга Германия киритилмаган эди, махсус комиссия бу сафарги қарорида ушбу давлатни ҳам қўшди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу давлатларда сўнгги 14 кун давомида бўлган ҳолда учинчи давлат орқали мамлакатга кириб келаётган Ўзбекистон фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар 14 кун давомида вақтинчалик карантинда сақлаш мажмуасида ёки тегишли меҳмонхонада карантинга олинади.