The Guardian нашри Нигериядан Ўзбекистонга 7 нафар ёш йигит профессионал футбол билан шуғулланиш учун алдов йўли билан олиб келингани ҳақида хабар берди.

Нашр маълумотига кўра, камида етти нафар 16−19 ёшли нигериялик ўсмирлар 2020 йил декабрь ойида Нигерияни тарк этиб, Ўзбекистонда профессионал футбол билан шуғулланиш умидида келишган. Ўзбекистонда декабрь ойида айни футбол мавсуми тугаган вақтга тўғри келади.

Улар Нигериянинг турли шаҳарларидан асли нигериялик бўлган, ўзини футбол агенти деб таништирган шахс томонидан олиб келинган. «Мен агентнинг ўзига жами 6000 АҚШ доллари бердим, шундан 3900 доллари виза тўғирлаш, чипта ва бошқа харажатларга кетди», — деди 16 ёшли Оньека Бенсон.

«У ота-онамга менинг иккинчи дивизион клубида тўп суришим ва яхши пул ишлашимни ваъда бериб, уларни кўндирди. У, шунингдек, мени олий дивизион клубига олиб чиқишга ҳаракат қилишини ваъда қилган эди. Бироқ декабрь ойида Ўзбекистонга етиб келгач, у эндигина ўзининг 14 ёшгача бўлган болалардан иборат клубини очганига гувоҳ бўлдим», — дейди у.

Guardian маълумотларига кўра, ёшларни олиб келишдан олдин уларнинг кўникмалари баҳоланмаган, хаттоки уларнинг ўйини видеоси ҳам кўрилмаган. Улардан бири Ўзбекистонга келиб вазиятни тушунгач, ўз юртига қайтишга муваффақ бўлган. У ўзини агент деб таништирган одам билан тортишиб қолган. Қолганлар эса визасини уч ойга узайтиришган. Февраль ойида уларнинг виза муддати тугайди.

«Мен уларнинг баъзилари билан Тошкентда кўришдим. Улар бу ерга футбол ўйнашга келишгани ҳақида айтишди ва мен улардан қайси клубда фаолиятларини бошлашгани ҳақида сўрадим, улар жавоб бера олишмади. Мен уларнинг бу ерда қандай кун кечираётгани ҳақида ўйлаяпман. Уларнинг ҳаммасининг тарихи бир хил, ҳаммаси улардан пул олиб, уларни чув туширган битта инсонга бориб тақалади», — деди Муборакнинг «Машъал» клуби ва Нигерия терма жамоаси аъзоси Ифеани Ифеани.

Фото: «Машъал» футбол клуби аъзоси Ифеани Ифеани.

Ифеани Ифеанининг айтишича, улар (Нигериядан ёшларни олиб келаётганлар) икки киши ва улар ёшларни ҳеч қандай режаларсиз олиб келмоқда. «Уларнинг (нигериялик ёшлар — таҳр.) баъзиларини кузатиб, улар профессионал футбол билан шуғулланишга тайёр эмасликларига амин бўлдим», — дейди «Машъал» футболчиси.

The Guardian хабарида айтилишича, дунё бўйлаб ҳар йили турли ҳудудлардан Европага 15 мингдан ортиқ болалар футболчилик фаолиятини бошлаш мақсадида алдов йўли билан олиб борилади. Асосан улар футбол клубларидан ҳеч қандай таклифларга эга бўлишмайди, шундай бўлса-да омади келишига умид қилиб бир нечта мамлакатларга боришади. Муваффақиятсизликка учрагач эса улар ўз юртларига қайтиб боришни хоҳлашмайди.

«Айниқса жуда чекка ҳудудларда оддий бир қишлоқдан ўз йўлини қидириб кетаётган ёш бутун бир қишлоқнинг умиди ҳисобланади. Омадсизликдан ёки алдовдан сўнг улар ўз ҳамюртлари орасида омадсиз сифатида юришдан қўрқишади. Оқибатда бу каби алдовлардан сўнг ватанларига қайтиб боришмайди», — дейилади хабарда.