29 январь куни Қонунчилик палатаси мажлисида депутатлар президент ва парламент сайловлари кунини декабрдан октябрга ўтказиш белгиланган қонунни қабул қилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га қуйи палата матбуот хизмати хабар берди.

25 январь куни «Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси бир гуруҳ депутатлар томонидан таклиф этилган эди. Мазкур гуруҳга палата спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов бошчилик қилгани айтилмоқда.

Ўша куни қуйи палата мажлисида депутатлар лойиҳани биринчи ўқишда кўриб чиққан. Унда депутат Дониёр Ғаниев қонун лойиҳасида Конституцияга ўзгартиш киритиш масаласи бўлгани учун уни бош қомуснинг 117-моддасига мувофиқ, жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлаган. Шунга кўра, ҳужжат палата сайтига муҳокама учун жойлаштирилди.

Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг «Газета.uz»га хабар беришича, 4 кун (соатлаб ҳисобланса 3 кун) мобайнида лойиҳага бефарқ бўлмаган фуқаролардан 206 та таклиф келиб тушган ва уларнинг аксарияти қабул қилинган. Айнан қайси ва нима таклифлар ўтгани ҳақида маълумот кейинроқ берилиши айтилди.

29 январь куни палата ялпи мажлисида қонун лойиҳаси иккинчи ўқишдаёқ қабул қилиниб, Сенатга юборилиши белгиланди.

Агар Сенат ҳам ушбу қонун лойиҳасини маъқуллаб, президент имзо чекса, унда 2021 йилги президент сайловлари 24 октябрга тўғри келиши мумкин.