27 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев асосий эътиборни қишлоқ хўжалиги учун ер ажратиш орқали ёшларни иш билан таъминлаш масаласига тўхталди, дея хабар беради «Газета.uz» мухбири.

Шавкат Мирзиёев бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниевга ёшларни қишлоқ хўжалигига жалб қилиш тартибини, ҳар 10 гектар экиладиган ернинг 1 гектарини ёшларга ажратишни буюрди. Президент буни «инқилобий қарор» деб атади.

«Ҳар бир фермер 2 гектардан ерини ярим гектардан қилиб, 4 нафар ёшларга бўлиб берсин. Улар бу ерга истаган экинини эксин, ҳеч ким аралашмайди», — деди президент.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ўтган йили фермерлик учун ер олиш бўйича мурожаат қилган 14 минг ёшдан атиги 3000 нафарига ер участкаси берилган.