Мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти 210 та ҳудудий бўлинмаси билан биргаликда Мудофаа вазирлиги тизимига ўтказилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 27 январь куни ёшларни иш билан таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этишга бағишланган йиғилишда маълум қилди.

«Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, давлат раҳбари икки ҳафта ичида тегишли қарор лойиҳасини тайёрлашга кўрсатма берди.

«Ватанпарвар» жамоат ташкилотининг асосий фаолияти ёшлар ва фуқароларни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси билан шуғулланиш, уларда ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат туйғуларини шакллантиришдир.

Президент Шавкат Мирзиёев йиғилишда ёшларнинг ватанпарварлик туйғуларини тарбиялаш ва уларга касб-ҳунар ўргатиш вазифаларини бажармаётганлигини таъкидлади.

Аввалроқ ушбу йиғилишда Шавкат Мирзиёев расмий равишда 17 фоизни ташкил этадиган ёшлар ишсизлиги муаммосини ҳал қилиш йўлларини белгилаб бергани ҳақида хабар берган эдик. Президентнинг сўзларига кўра, аслида сонлар бундан анча юқори. Давлат раҳбари ёшлар муаммоларини мувофиқлаштириш ва тизимли равишда ўрганиш вазифасини Давлат хавфсизлик хизматига топширди.