Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси президенти Мун Чже Ин олий даражада илгари эришилган келишувларга мувофиқ, 28 январь куни видеоанжуман шаклида учрашув ўтказади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Кун тартибидан икки томонлама алоҳида стратегик шериклик муносабатларини, минтақавий ҳамкорлик ва мамлакатларнинг халқаро ташкилотлар доирасидаги шериклигини ривожлантиришга доир долзарб масалалар ўрин олган.

Ўзбекистон ва Корея етакчилари сиёсий мулоқотнинг бугунги ҳолати ва уни мустаҳкамлаш истиқболларини, савдо, инвестициялар, инновациялар, саноат ва энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданий алмашинув соҳаларида аниқ лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш масалаларини таҳлил қилади.

Бўлажак мулоқотлар ва қўшма тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилади. Саммит якунида бир қатор соҳалар ва муҳим йўналишлар бўйича янги ташаббусларни илгари суриш кўзда тутилган бир қанча ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.