«Яллама» постида божхона расмийлаштирувини тезлаштириш эвазига пул ундириб келган гуруҳ қўлга олинди. Бу ҳақда «Газета.uz»га ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Қозоғистон орқали Хитойдан Ўзбекистонга импорт товарларни ташувчи автофура ҳайдовчилари Тошкент вилоятидаги «Яллама» пости орқали ўтганда жиноий гуруҳ аъзолари божхона расмийлаштирувини тезлаштиришни айтиб, улардан товламачилик йўли билан пул ундириб келган.

ДХХ, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Давлат Божхона қўмитаси томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Суриштирув давомида гуруҳ сохта ҳужжатлар ёрдамида товарларни импорт қилгани аниқланган.

Гуруҳ аъзоларига тегишли бўлган Тошкент вилояти ва пойтахтдаги 6 та манзилдан 410 минг АҚШ доллари, турли кўринишдаги 21 дона сохта муҳр ва штамплар, компьютер техникалари ҳамда божхонага оид шубҳали ҳужжатлар топилган.

Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, гуруҳнинг икки нафар етакчиси эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Гуруҳ фаолиятига алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш бўйича ишлар давом этмоқда.