Қонунчилик палатасида депутатлар томонидан Ўзбекистонда 30 июль санасини «Халқлар дўстлиги куни» этиб белгилаш ҳақидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, қабул қилинди, дея хабар бермоқда депутат Расул Кушербаев.
Қонун уч ўқишда қабул қилингани ва Сенатга юборилгани маълум қилинди.
Депутат Ақшагул Тулегенова парламент қуйи палатаси сайтида ёзганидек, Халқлар дўстлиги кунини белгилаш қарори жамиятда, халқлар ва давлатлар ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Унинг эслатиб ўтишига кўра, Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, шунингдек, 16 диний конфессия вакиллари истиқомат қилади. Мамлакатда 141 миллий маданий марказ мавжуд.
30 июль — Халқаро дўстлик куни. Ушбу кун 2011 йил 3 майда БМТ Бош ассамблеяси томонидан эълон қилинган. Мазкур масала бўйича резолюцияда «халқлар, мамлакатлар, маданиятлар ва шахслар ўртасидаги дўстлик,тинчликни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни илҳомлантириши ва маданий хилма-хилликни ҳурмат қиладиган жамиятлар ўртасида кўприклар яратиш имкониятини яратиши мумкин» деб таъкидланган.