Ўзбекистон Бош прокуратураси Жиноят кодексига (ЖК) ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига (МЖтК) ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни кўзда тутган қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди.

Лойиҳада ЖКнинг 185−2-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жазони декриминализация қилишни (умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд электр, иссиқлик энергияси, табиий газ, совуқ ёки иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёхуд бундай ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса) ва МЖтКга ўтказиш таклиф қилинмоқда. Ҳозирда ушбу қоидабузарлик учун БҲМнинг 25 бараваридан 75 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари кўлланилади.

Шу билан бирга, 185−2-модданинг 2−4- қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни кучайтириш таклиф этилмоқда.

185−2-модданинг 2-қисмида (умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд электр, иссиқлик энергияси, табиий газ, совуқ ёки иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёхуд бундай ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш анча миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса) жазо қуйидаги таҳрирда таклиф этилмоқда:

  • БҲМнинг 75 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача (ҳозирда 1 йилгача) озодликни чеклаш ёки 1 йилдан 3 йилгача (ҳозирда 1 йилгача) озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

185−2-модданинг 3-қисмида (умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш … уларга ташқаридан аралашиш кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса) жазо қуйидаги таҳрирда таклиф этилмоқда:

  • БҲМнинг 150 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 3 йилдан 5 йилгача (ҳозирда 1 йилдан 2 йилгача) озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача (ҳозирда 1 йилдан 2 йилгача) озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

185−2-модданинг 4-қисмида (умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш … уларга ташқаридан аралашиш жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса) жазо қуйидаги таҳрирда таклиф этилмоқда:

  • БҲМнинг 300 бараваридан 500 бараваригача миқдорда жарима ёки 5 йилдан 7 йилгача (ҳозирда 2 йилдан 3 йилгача) озодликни чеклаш ёхуд 5 йилдан 7 йилгача (ҳозирда 2 йилдан 3 йилгача) озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Эътибор қаратамиз, етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди. Биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.

Бундан ташқари, МЖтК 101-моддаси 1-қисмига мувофиқ (умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузиш ёхуд электр, иссиқлик энергияси, табиий газни ҳисобга олиш асбобларига шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёки бундай ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш) ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни кучайтириш таклиф этилмоқда. Хусусан:

  • фуқароларга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (ҳозирда 5 бараваридан 10 бараваригача), мансабдор шахсларга эса — 15 бараваридан 25 бараваригача (ҳозирда 10 бараваридан 25 бараваригача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

МЖтКнинг 101-моддаси иккинчи қисм билан тўлдирилиши кўзда тутилган:

  • худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса фуқароларга БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 50 бараваридан 100 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади

Шу каби ўзгаришлар МЖтКнинг 163-моддасига (водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) тегишли бўлиши мумкин.

163-модда 1-қисмида назарда тутилган қоидабузарлик (водопровод тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ҳамда водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузиш, ер ишлари ва бошқа ишларни бажараётганда водопровод тармоқларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, башарти бу ҳол уларнинг шикастланишига сабаб бўлса ёхуд совуқ ёки иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларига шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек бундай ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш) учун қуйидаги жахо чораси қўлланилиши мумкин:

  • фуқароларга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (ҳозирда 5 бараваридан 10 бараваригача), мансабдор шахсларга эса — 15 бараваридан 25 бараваригача (ҳозирда 10 бараваридан 25 бараваригача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

МЖтКнинг 163-моддаси иккинчи қисм билан тўлдирилиши ҳам кўзда тутилган:

  • худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса фуқароларга БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 50 бараваридан 100 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.

Ўзгартириш китиришга асос

«Энергоресурслардан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликка тортиш бўйича ҳалқаро амалиёт шуни кўрсатдики, аксарият давлатларда бундай тоифдаги ҳуқуқбузарликлар жиддий жиноятлар сифатида баҳоланиб, тегишли санкциялар назарда тутилганлиги аниқланди», — дейилади бош прокуратуранинг тушунтириш хатида.

Идоранинг маълумотларига кўра, масалан, Сингапурда газ ҳисоблагичига ташқаридан таъсир қилиш 10 минг доллар миқдорида жарима ва 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, агар бунда газдан ноқонуний фойдаланилса 50 минг долларгача жарима ва 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Худди шу каби электрдан ноқонуний фойдаланиш 50 минг долларгача жарима ва 3 йилгача озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлади.

Германия ва Англияда ушбу тоифадаги жиноятлар учун 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Айни пайтда, Англиянинг 1961 йилдаги Ўғрилик тўғрисидаги қонунига мувофиқ, энергоресурслардан фойдаланишдаги барча аралашувлар ва ноқонуний истеъмол ўғирлик сифатида баҳоланади ҳамда шунга мувофиқ жазо тайинланади.

Туркияда газ ва бошқа суюқ шаклдаги энергия ресурсларини ушбу ресурсларни сақлаш, қайта ишлаш ва реализация қилиш билан шуғулланадиган ташкилотлар томонидан ўғрилаш 5 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашга асос бўлади.

Бош прокуратуранинг таъкидлашича, таклиф қилинаётган ўзгартиришларнинг амалиётда қўлланиши соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва камайишига, таъминотчи корхоналарга ушбу жиноятлар натижасида етказилган зарарнинг тўлиқ қопланишига сабаб бўлади.

Лойиҳани муҳокама қилиш 7 февралга қадар давом этади.

Эслатма: жорий йилнинг 1 февралидан базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) 223 минг сўмдан 245 минг сўмга кўтарилади.