Яқин вақт ичида Ўзбекистонда бир ҳоким ва бир вазир лавозимини тарк этади. Бу ҳақда 27 январь куни президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида маълум қилди. Бироқ, давлат раҳбари уларнинг исмларини ошкор қилмайди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Бир ҳафта ичида мен кадр масаласи бўйича бир қарорни эълон қиламан. Садоқатли одам, лекин ишни бажара олмаяпти. Аравани тортмаяпти», — деди президент ҳоким ҳақида гапира туриб.

Шавкат Мирзиёев пойтахтда ўтирган ва вилоятларда етарлича ишламаётган вазирларни танқид қилиб, уларнинг бири ҳоким билан бирга лавозимини тарк этишини қўшимча қилди.

«Иккитаси (ҳоким ва вазир — таҳр.) кетади, ноинсофлар… Бош вазирга айтганман, ўнта вазирни ишдан олишимиз керак, деб. Иккитаси ишдан олинди, лекин бу ҳали етарли эмас», — деди у.

Аввалроқ, президент бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга туманлар кесимида коррупция сабабларини ўрганиш бўйича топшириқ берган эди.