Жонс Хопкинс университети (АҚШ) маълумотларига кўра, дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 100 млн 248 мингдан ошди.

Энг кўп зарарланганлар АҚШ (25,4 млн), Ҳиндистон (10,6 млн), Бразилия (8,9 млн), Россия (3,7 млн), Буюк Британия (3,7 млн), Франция (3,1 млн) ва Испания (2,6 млн) мамлакатларига тўғри келмоқда.

Ҳозиргача COVID-19 дан тузалганлар сони 55,3 млн дан ошган. Ушбу вирус сабаб вафот этганлар сони эса 2 млн 156 мингдан кўпроқни ташқил қилмоқда.

Шунингдек, бир кун олдин Индонезияда коронавирус билан касалланганлар сони миллиондан ошди ва бундай мамлакатлар сони 19 тага етди.

Эслатиб ўтамиз, январь ойи бошида дунё бўйича COVID-19 билан касалланганлар сони 85 миллиондан ошгани ҳақида хабар берган эдик.