Аввалроқ, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг беш нафар депутати иштирокида матбуот анжумани ўтказилгани ҳақида маълум қилган эдик.

«Газета.uz» мухбири хабар беришича, ушбу анжуманда ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев дарахт экишга ажратилишини айтган 30 млрд сўм қандай сарфланилишига ҳам тўхталиб ўтилган.

«Кўкаламзорлаштиришга ҳам йўналтирилиши мумкин. Лекин асосий мақсад кўп йиллик, қимматбаҳо, йирик дарахтлар экиш. Шаҳарда автотранспортлар кўп, ҳавода газланиш кўп, шовқин. Айнан катта ва ясси баргли дарахтлар шовқинни ҳам ўзига қамраб олади, ҳам ҳавони тозалайди. Шу сабабли дарахтларни турли хилини ҳамда бизни иқлимимизга чидамлиларини экиш мақсад қилинган. Дарахт экиш мавсуми ҳадемай яқинлашади. Шу сабабли, шаҳар ҳокимлиги Ободонташтириш хизмати, экологик партия аъзолари фикрини инобатга олиб, шундан кейин ҳал қилинади», — деди депутат Васила Алимова.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Васила Алимова.

У шунингдек, дарахтни парваришлаш ҳамда яшил ҳудудларни сақлаш қолиш энг муҳим масала эканлигини таъкидлади.

«Дарахтни экиб қўйиш мумкин, эртага унга сув қуймаса, парваришламаса, қуёшдан сақланмаса ёки аксинча қуёш нури таъминлаб берилмаса у дарахт нобуд бўлиши мумкин. Яшил ҳудудларни сақлаб қолиш, мана ҳозир Бобур парки бўйича фаол мулоқотлар кетмоқда. Ана шуларни сақлаш қолиш ёки ичида қандайдир объектлар қурилса, уларга зарар келтирмаслик масаласи ҳам турипти. Ҳозир мақсадимиз яшил ҳудудларни „адекват“ ҳолатда сақлаб қолиш. Дарахт кесишлар ҳали ҳам давом этмоқда, буни олдини олиш ва яшил ҳудуд яратиш керак бўлган кўчалар атрофлари, эски авария ҳолатида кесиб ташланган жойлар, шу жумладан, мавжуд истироҳат боғлар ва ижтимоий объектларни майдони бўлиши мумкин. Ана ўша жойларга дарахт экиш масаласи кун тартибида», — деди депутат.

Бундан ташқари, анжуманда жамоатчилик вакиллари таклиф киритиши механизмига оид низом ишлаб чиқилаётгани, шунга кўра унинг тартиби маълум қилиниши қўшимча қилинган.

«Қолаверса, биз доимий мулоқотдамиз, аҳолининг бизга (депутатларга) мурожаати ҳам эътиборсиз қолиб кетмайди. Фақат асос бўлиши керак, мурожаат қаердан келиб чиқаяпти, аҳоли, ташкилот, блогер ёки ОАВ вакиллариданми, шунга кўра депутатлар кўриб чиқади», — дея таъкидлади шаҳар Кенгаши депутати.