Бу Ҳукуматнинг «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» давлат дастури ижроси ҳақидаги ҳисоботида акс этган. 26 январь куни Қонунчилик палатасида Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида ушбу ҳисобот муҳокама қилинган.

Фракция аъзоларининг айтишича, 2020 йилги Давлат дастурида белгиланган 284 та банддан 206 та банд тўлиқ бажарилган. 20 та банднинг муддати узайтирилган ҳамда 58 та банднинг ижроси давом этмоқда.

Муддати узайтирилган ёки ижроси давом этаётган бандлар:

65-банд — «Давлат молиявий назорати тўғрисида"ги қонун лойиҳаси белгиланган муддатда ишлаб чиқилмаган.

197-банд — тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, хусусан, уларга муносиб меҳнат шароитини яратиш, даромадини кўпайтириш бўйича вазифа очиқ қолган. Унга 1,5 тлрн сўм ажратилиши белгиланган эди.

198-банд — тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш кўрсаткичлари реал ҳолатга мос эмас. Ушбу банд бўйича 228 та тиббиёт ташкилотини қуриш-таъмирлаш учун бюджетдан 1,1 трлн сўм ҳамда 83,9 млн доллар инвестиция ажратилиши кўзланган эди.

Депутатларнинг муносабатларига мутасаддиларнинг жавоб ва мулоҳазалари ҳам эшитилган. «Шу асосда Халқ демократик партияси фракцияси Давлат дастурининг ижроси ҳақидаги ҳукумат ҳисоботини қўллаб-қувватлади» дейилади хабарда.

Фото: Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.

Бундан ташқари, Ҳукумат ҳисоботида партия дастурий мақсадлари учун муҳим ҳисобланган ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналиши бўйича 2020 йилда 1 та қонун, президентнинг 3 та фармони ва 12 та қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 16 та қарори ва фармойишлари қабул қилингани келтирилган.

Ўтган йили 21 та чора-тадбирлар режаси ҳам тасдиқланган. Аҳоли бандлигини ошириш соҳасида 2020 йилда республика бўйича жами 378,1 мингта янги иш ўрни ташкил этилгани қайд этилган.