Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Тошкент ва Ромитан туманларида газ таъминотига ноқонуний уланиб олинганлик ҳолатлари бўйича терговга қадар текширувлар ўтказилди.

Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар беришича, Тошкент туманида тадбиркор М.М. ўзига қарашли иссиқхонанинг табиий газ қувури 2020 йилнинг октябрида далолатнома асосида тамғаланган бўлсада, уни бузиб, ўзбошимчалик билан газдан фойдаланишда давом этган. Бунинг оқибатида газ таъминоти корхонасига 1 млрд сўм зарар етказилган.

Ромитан туманидаги ҳолатда эса фуқаро Н.М. ўзининг фермер хўжалигига қарашли дала шийпонида оҳак ишлаб чиқарувчи яширин цех ташкил қилиб, юқори босимли газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб олган. У оҳак ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиб келган ва натижада «Ҳудудгазтаъминот»га 1,7 млрд сўм зарар етказган.

«Ҳисоб-китобларга кўра, ноқонуний равишда фойдаланилган табиий газ куз-қиш мавсумида ҳудуддаги 110 тадан 200 тагача хонадонни узлуксиз газ билан таъминлашга етиши маълум бўлди», дейилади хабарда.

Мазкур ҳолатлар юзасидан ЖКнинг 185−2-моддаси (Электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилди.