22 январь куни қабул қилинган қонун билан «Валютани тартибга солиш тўғрисида"ги қонунга қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Унга мувофиқ, Ўзбекистонда реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархлари чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланиши мумкин. Бу тартиб фақат президент қарорлари асосида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар ва Ҳукумат орқали жалб этилган чет эл инвестициялари лойиҳаларига тааллуқли.

Бунга қадар мазкур тартиб мавжуд эмас эди.

Концессиялар билан боғлиқ муносабатлар «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида"ги қонунда ўз аксини топмоқда.

Концессия лойиҳаларини рўёбга чиқариш ДХШ лойиҳалари учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

Эндиликда фақатгина қиймати 1 млн доллардан ортиқ лойиҳаларининг тендер ҳужжатлари ва ДХШ тўғрисидаги битимларнинг лойиҳалари келишилади.

Киритилган қўшимчалар билан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг давлат-хусусий шериклик соҳасидаги ваколатлари белгиланди.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларига оид маълумотларнинг эълон қилинадиган қисми аниқлаштирилди.

Хусусан, бунда расмий веб-сайтларга лойиҳа тарафлари, фаолият йўналиши, жойлашган ери, лойиҳа муддати ва умумий қиймати, товарлар, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳажми ва турларига оид маълумотлар жойланади.