Мактабгача таълим вазирлиги ва Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Тошкент вилояти Зангиота тумани 16-сонли давлат МТТда бюджетдан ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши юзасидан текширув ўтказилди.

Унда аниқланишича, ушбу болалар боғчаси директори 2014−2020 йиллар давомида 37 нафар шахсни, жумладан, 4 нафар қариндошини турли лавозимга ишга олгани, аслида эса улар ташкилотда фаолият юритмагани маълум бўлди.

Директор штат жадваллари ва бухгалтерия табелларига сохта маълумотларни киритиш орқали ҳужжатларни қалбакилаштириб, 6 йил ичида йўқ ишчиларга маош ҳисоблаган ва пластик картага тушириш йўли билан ўзлаштириб келган.

Ушбу ҳолат юзасидан МТТ мудираси ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.