20 январь куни Янги-Ангрен ИЭСда содир бўлган портлаш оқибатида вафот этган уч нафар ишчиларнинг оила аъзоларига 105 миллион сўмдан компенсация тўлаб берилди.

Энергетика вазирлиги хабарига кўра, 22 январь куни корхона «Востокэнерготеплоизоляция»нинг уч нафар ходими уларнинг оила аъзоларига 105 млн сўмдан тўлаб берилган. Шу билан бирга, дафн маросимини ўтказиш учун 20−21 январь кунлари 4 миллион 866 минг сўмдан биринчи моддий ёрдам кўрсатилган.

Чоршанба куни Янги-Ангрен ИЭСнинг 5-энергия блокида чанг-кўмирли ҳаво аралашмасининг чақнаши натижасида ёнғин содир бўлган эди. Оқибатда 3 киши воқеа жойида вафот этган, яна 3 нафари турли даражадаги куйиш тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилди. Вафот этган ва жароҳат олганларнинг барчаси корхона ишчилари ҳисобланади.


Фото: Энергетика вазирлиги.

Ангрен шаҳар прокуратураси ЖКнинг 257-моддаси 2-қисми «а, б» бандлари (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш одам ўлиши ва бошқа оғир оқибатлар келиб чиқиши) билан жиноят иши қўзғатди.

«Халқ сўзи» газетаси сайти маълум қилишича, корхона ишчиларининг ижтимоий муҳофазаси раҳбарият эътиборидан четда қолмоқда. Техник хавфсизлик талаблари бузиляпти. Меҳнат муҳофазаси яхши йўлга қўйилмаган. Мавжуд ички тартиб-интизом меъёрларига ҳам деярли аҳамият берилмайди.


Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи».

Энергетика вазирлиги «Газете.uz»га маълум қилишича, портлаш қурбонларининг икки нафари аёл ҳамда бир нафар эркак бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг декабрь ойида Юнусобод метро линияси қурилишида тупроқ ўпирилиши натижасида 6 киши ҳалок бўлган эди. Унда ҳам қурбонлар оила аъзоларига компенсация тўлаб берилганди. Воқеага сабабчи деб топилган тўрт нафар айбдорга нисбатан жиноят иши айблилик масаласи ҳал қилинмасдан тугатилди.