АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп 19 январь куни Фахрийлар масалалари департаментига 2001 йилдан 2005 йилга қадар Ўзбекистондаги Қарши-Хонобод базасида хизмат қилган барча фахрийларни тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича топшириқ берган. Бу ҳақда АҚШ Оқ уйи маълумот берди.

Хужжатда ёзилишича, АҚШ Мудофаа вазири ушбу буйруқ чиқарилган кундан бошлаб 365 кун ичида 2001 йил 1 октябрдан бошлаб 2005 йил 31 декабрга қадар Қарши-Хонобод Ўзбекистон авиабазасида хизмат қилган ҳарбий хизматчиларда заҳарланиш таъсирини яхшилаб ўрганиб чиқиши керак.

Тадқиқот қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

  1. 2001 йил 1 октябрдан 2005 йил 31 декабргача бўлган даврда авиабазадаги шароитларни батафсил баҳолаш, шу жумладан ушбу даврда базани ифлослантирувчи ҳар қандай токсик моддаларни аниқлаш, токсик моддаларнинг аниқ жойлашуви, таъсир қилиш муддати, заҳарли моддаларга дучор бўлган ҳарбий хизматчилар ва бундай таъсирнинг ҳолатлари.
  2. 2001 йил 1 октябрдан 2005 йил 31 декабригача авиабазада хизмат қилган ҳарбий хизматчиларнинг соғлиғига ҳар қандай таъсирини батафсил ўрганиш. Ушбу тадқиқот Фахрийлар масалалари департаменти томонидан олиб борилган тадқиқотларга мос келган ҳолда, тиббий хизматлардан фойдаланишни талаб қиладиган касалликларни аниқлайди.
  3. 1 пунктда аниқланган ҳар қандай токсик моддалар билан заҳарланиш ва 2 пунктда ўрганилган саломатликка ҳар қандай таъсир орасидаги боғлиқликни ўрганиш.

McClatchy’нинг маълумотларига кўра, AҚШнинг махсус операцион кучлари 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан сўнг Ўзбекистондаги ҳарбий зонада жойлашган. У ерда яшил рангда ярқираб турган ҳовуз, ерда оқиб турган қора шилимшиқ ва «нурланиш хавфи»ни огоҳлантирувчи белги кўзга ташланарди, дейилади мақолада.

Фото: mcclatchydc.com

Фото: mcclatchydc.com

Фото: Johnny Lee.

«Қарши-Хонобод, К2 номи билан танилган, 2001 йил 11 сентябрь ҳужумларидан бир неча ҳафта ўтгач, AҚШ ҳукумати томонидан ижарага олинган эски Совет базаси эди. Ушбу майдон Aфғонистон шимолидаги ал-Қоида ва Толибон нишонларидан бир неча юз км узоқликда жойлашган», — дея ёзади нашр.


Фото: mcclatchydc.com

К2 базаси қўшинларни Aфғонистонда тушириш, тиббий эвакуация ва ҳаво ҳужумларини таъминлаш учун муҳим марказга айланди. Aммо Қарши-Хонобод зонаси кимёвий қурол қолдиқлари, қайта ишланган радиоактив уран ва бошқа хавфли моддалар билан заҳарланган бўлган, деб ёзади нашр.

«Жангдан қайтиб келгандан сўнг, бир неча йил ўтгач, биз ҳаммамиз саратоннинг турли формалари билан касалландик, аммо буни Фахрийлар масалалари департаменти тан олишни истамади», — дейди 2001 йил октябрь ойида К2га жойлаштирилган махсус операция ҳарбий разведкаси ходими Скотт Уэлш. 2014 йилда унга қалқонсимон без саратони ташхиси қўйилган.

2015 йилда ўтказилган тадқиқотларга кўра, у ерда хизмат қилган эркаклар ва аёлларнинг камида 61 нафари саратон касаллигига чалинган ёки бу касаллик туфайли вафот этган. Нашрнинг таъкидлашича, бу маълумотларга К2-га жойлаштирилган махсус операциялар кучлари киритилмаган бўлиши мумкин, чунки уларнинг операциялари махфий бўлган.