Ноқулай об-ҳаво шароити сабабли электр тармоқларидаги узилишлар оқибатида 550 мингдан ортиқ истеъмолчи электрсиз қолган. Бу ҳақда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджонов брифингда хабар берди.

21 январь куни бошланган ва ҳозир давом этаётган кучли шамол, қор бўрони оқибатида ҳаво электр тармоқлари ҳамда трасформатор пунктларига етказилган шикаст натижасида, республика бўйича, 110 кВ кучланишли 7 дона ҳаво линияларида ва 6−10 кВ кучланишли 476 дона ҳаво линияларида узилишлар вужудга келган.

Тезкор маълумотларга кўра, электр энергиясидаги узилишлар натижасида 550 100 истеъмолчилар электр энергиясисиз қолган.

Тармоқларда содир бўладиган авариявий ўчишларни тезкор бартараф этиш мақсадида аввалдан ҳудудларда жами 481 та тезкор авариявий чиқиш бригадалари, уларга 378 та махсус авариявий чиқиш машиналари, махсус техникалар ҳамда раҳбар ҳодимлардан иборат навбатчилик ташкил этилган, деди Жаҳонгир Обиджонов.

Содир бўлган авариявий ҳолатлар туну-кун ташкил этилган навбатчи бригадалар томонидан техника хавфсизлик қоидаларига амал қилган ҳолда таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилиб, барча авариявий ўчган 110−35 кВ кучланишли тармоқлар ҳамда 247 дона 6−10 кВ кучланишли линиялар тармоққа қайта уланди.

Ҳозирда электр энергиясиз қолган 350 200 дан ортиқ ёки деярли 60 фоизи қайта тармоққа уланган.

Ҳозирда республика бўйича 6−10 кВ кучланишли 229 дона ҳаво линияларда узилишлар мавжуд бўлиб, уларда таъмирлаш-тиклаш ишлари давом эттирилмоқда.

Авариявий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида ҳудудий корхоналарда 395 дона тармоқ трансформаторлар, 191,8 тонна трансформатор мойи, 947 дона таянчлар, 53,9 тонна турли ўлчамдаги сим, 41,5 километр кабель маҳсулотлари ҳамда 638 дона кабель муфталаридан иборат захира яратилди. Мазкур тезкор бригадалар алоқа воситилари ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланган.

Ноқулай об-ҳаво шароити айрим ҳудудларда бугун ҳам давом этишини ҳисобга олиб, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ аҳолини электр энергиясида вужудга келиши мумкин бўлган узилишлардан огоҳлантирди.

Олдинроқ, Хоразм, Қашқадарё, Сирдарё, Андижон ва Бухоро вилоятларида электр таъминотида узилишлар кузатилганлиги ҳақида хабар берган эдик.